Москвада мардикорлар лагери аниқланди

Ўзбек мардикорлари аксар ҳолларда ноинсоний шароитларда яшаб келадилар.

27 июл куни тунда Москва ғарбидаги Рябинова кўчаси яқинидаги ўрмонда ноқонуний меҳнат муҳожирларининг лагери аниқланди.

Москва милицияси маълумотларига кўра, муҳожирлар лагерида Марказий Осиё давлатлари, Арманистон, Украина ва Беларус фуқаролари бўлган жами 72 киши ушланган.

Мардикорлар иш жойларидан унча узоқ бўлмаган жойда, ўрмон ичкарисида тунаб келганлар. Улар шундоқ ўрмон ичидан ўтган темир йўли бўйига кўрпа-тўшакларини солиб ухлаганлар.

Айни пайтда ушланган мардикорлар милиция бўлимида сақланмоқда.

Ўтган ойда ҳам ушбу ўрмонда 40 нафар ўзбек ва тожик мардикорларининг лагери аниқланган ва уларнинг барчаси Россиядан депортация қилинган эди.