Тошкентда журналистлар клуби очилади

29 июл куни Тошкентдаги иқтисодий тадқиқотлар маркази қошида журналистлар клубини ташкил этиш ҳақида йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур марказнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Наргиза Алиқуловага кўра, клуб журналистларига иқтисодиётга оид таҳлилий мавзуларни ёритишда кўмак бериши лозим.

- Табиийки, ҳамма журналистлар ахборот олиш эркинлиги ҳақида гапиришди. Биз ўйлаймизки, журналистлар клуби йиғилишларида мана шу муаммони ечишга ҳаракат қиламиз. Ундан ташқари, оддий халққа мамлакатда бўлаётган иқтисодий ўзгаришларни журналистлар тушунарли қилиб етказиб бериши учун турли тадбирлар ўтказиш кўзланган, - деди Тошкентдаги иқтисодий тадқиқотлар маркази ходими Наргиза Алиқулова.

Ўзбекистон журналистларига турли мавзуларни ёритишда кўмаклашиш учун Тошкентдаги электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси йил давомида қатор ўқув машғулотларини уюштириб туради.

Илгари бундай тадбирларни “Интернюс нетворк” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ўтказар эди. Мазкур ташкилот 2005 йилда ёпилган.