Сўх анклавидаги вазият барқарорлашди

Сўх анклавидаги “Сўх-Риштон” автомагистралидаги вазият бугунги кунда барқарорлашди.

Бу ҳақда “АКИpress-Фергана” сайти Боткент вилояти Ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Келдибек Мергеновга таянган ҳолда хабар тарқатди.

1 август куни Ўзбекистон томони Сўх анклавидаги “Девайран” чегара пунктини ёпиб қўйгани учун қирғиз қишлоқларида яшовчи аҳоли “Сўх-Риштон” автомагистралини тўсиб қўйган. Бунга жавобан эса ўзбекистонликлар қирғиз қишлоқларига сув бермай қўйган эди.

9 август куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси тарқатган баёнотда айтилишича, Қирғизистон тарафи 1 май куни Сўх чегарасидаги “Газпром” чегара пунктини бир томонлама равишда ёпиб қўйган.

“Ўзбекистон томонининг кўплаб илтимосларига қарамай, уч ой мобайнида мазкур чегара пункти очилмади. Шу муносабат билан 1 август куни Ўзбекистон томони ҳам “Девайран” чегара пунктини ёпишга мажбур бўлди”, дейилади баёнотда.

Боткент вилоят ИИБ маълумотига кўра, 10 август куни “Сўх-Риштон” йўли очилиб, қирғиз қишлоқларига сув берила бошлаган.