Каримов КХШТ саммитига яна бормайди

Ўзбекистон Президенти И. Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 12-13 август кунлари Остонада ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда мухбирларга ташкилот бош котиби Николай Бордюжа маълум қилди.

“Ҳозирча Ўзбекистон президенти учрашувда иштирок этиши ҳақида менда маълумот йўқ. У бир муддат аввал мажлисда иштирок этишга розилигини берган эди, лекин бир неча кун олдин бундан бош тортди”, деди Бордюжа.

Хабар агентликларига кўра, Каримовдан ташқари ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг барчаси саммитда иштирок этишларини тасдиқлаган.

Бордюжанинг айтишича, саммит иштирокчилари Марказий Осий минтақасида “вужудга келган вазият” ва КХШТ ҳудудидаги вазиятни муҳокама қилади.

Ислом Каримов кейинги пайтларда Ўзбекистон 2006 йилда августида қайта қўшилган ташкилот саммитларида иштирок этмай келади.
Ўзбекистондан ташқари КХШТга Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради.