Oxus Gold ширкатининг собиқ ходими 12 йилга қамалди

Ўзбекистонда Oxus Gold ширкатининг собиқ ходими жосусликда айбланиб, 12 йилга қамалди.

46 яшар Саид Ашуров шу йилнинг март ойига қадар Амантайтау олтин конида бош металлург бўлиб ишлаган.

Ширкат фаолияти тўхтатилиши ортидан у шу йил март ойида Тожикистондаги уйига кетаётган пайтда чегарада ҳибсга олинган эди.

Ашуровнинг ҳимоячиси Роберт Амстердам қўйилган айбловларни асоссиз деб атади.

Жаноб Амстердамга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Ашуровни Oxus Gold мулкини эгаллаб олиш йўлида гаровда ушлаб турибди.

"Ашуров ишини кўрган ҳар бир одам унинг маҳкамаси ва ҳукми мутлақо асоссиз экани ва том маънода қурол билан гаровда ушлаб турилган хорижий сармоядорларни қўрқитишга қаратилган эканини кўради," деб билдирди Амстердам.

Oxus Gold баёнотида уч фарзанднинг отаси бўлган 46 ёшли Ашуров бутун касбий ҳаётини кончиликда ўтказгани ва нуқсонсиз профессионал ўтмишга эга экани айтилади.


Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ширкатини шартнома талабларини бузганлик, солиқдан бўйин товлаганлик, оффшор ҳудудларда банк ҳисобларидан ножўя фойдаланганлик ва шу билан Ўзбекистон қонунларини бузганлик каби бир қатор иқтисодий жиноятлар¸ айни пайтда атроф-муҳитга катта зиён етказганликда ҳам айбламоқда.

Олтин қазиб чиқариш ишлари тўхтаб қолгани учун, Oxus ҳалокатли йўқотишларга учраётгани ва июл ойидан бошлаб, Лондондаги ҳиссалари савдосини тўхтатишга мажбур бўлаётганини айтмоқда.