Москвада ўзбек ва тожик мардикорларининг яширин ётоғи топилди

Москвадаги эски аэропорт ҳудудида юзлаб Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари яшаётгани аниқланди. Ўтган йилдан бери ишлатилмай келган “Быково” аэродроми ҳудудидаги ётоқхонада ўзбек ва тожиклар мутлақо ноинсоний шароитда яшаб келган, дея хабар қилди Россия матбуоти.
Вести хабар агентлигига кўра, мардикорларнинг кўпчилигида ҳужжатлари бўлмаган.

Россия миграция хизмати расмийларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари миграцияга доир қонунни бузганликда айбланмоқда ва ҳозирда уларни депортация қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

“Быково” аэропорти ўтган йили ёпилган ва бу иншоотнинг янги хўжайинлари унинг ҳудудида янги омборларни қурмоқда. Айтилишича, ўзбекистонлик ва тожикистонлик мардикорлар айнан ана шу омборларни қуришга жалб қилинган. Лекин уларнинг ҳеч бири буни тан олмаяпти ва мардикорлар иш берувчисини аниқлашнинг имкони бўлганича йўқ, дея хабар қилди Вести агентлиги.