Тожик расмийси Ўзбекистонни айблади

Ўзбекистон Тожикистонга қараганда атроф-муҳитни 18 марта кўпроқ ифлослантираяпти.

Бу маълумот Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ходими, кимё фанлари доктори Шамс Назаровнинг Регнум ахборот агентлиги эълон қилган мақоласида келтирилди.

Мақолада айтилишича, Марказий Осиё бўйича ҳаммаси бўлиб 7,5 миллион тонна заҳарли чиқинди минтақа экологиясига зарар етказаётган бўлса, бу кўрсаткичнинг 28,7 фоизи, яъни 2,152 миллион тоннаси Ўзбекистонга тўғри келади. Айни пайтда Тожикистонга умумий зарарнинг 1,6 фоизи, яъни 0,12 миллион тоннасигина тўғри келади.

Тожикистон ҳукумати амалдори фикрича, мамлакат шимолий минтақалари Ўзбекистоннинг заҳарли чиқиндилар чиқарадиган корхоналари таъсирида қолган.

Ўз навбатида, Тошкент ўз қўшнисини экологияга зарар етказаётганликда айблаб келади. Ўтган йили Сурхондарёда талабалар Тожикистон алюминий заводи фаолиятидан норозилик билдириб, бир неча бор пикет ўтказган эди.