Жанубий Корея элчиси қароргоҳига ўғри тушди

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чон Дэ Ван қароргоҳига ўғри тушиб, 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул ва қимматбаҳо буюмларни ўмарган.

Бу ҳақда хабар тарқатган Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, ўғирликни бир киши содир этган ва у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Бугун матбуотга маълум бўлган ушбу воқеа июл ойининг охирларида содир этилгани айтилмоқда.

Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонаси ўғирлик ҳолатини на тасдиқлади ва на инкор қилди. Ўзини таништирмаган элчихона ходими Жанубий Корея Президенти Ли Мюнг Бакнинг ташрифига ҳар томонлама тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади холос.

Жанубий Корея президенти 23-24 август кунлари расмий сафар билан Ўзбекистонга келади.