Ўзбекистонда дам олиш кунлари кўчирилди

Ўзбекистон президентининг 24 август куни имзолаган қарорига кўра, ўзбекистонликлар 27 ва 28 август кунлари ишлайдиган, 29 ва 30 август кунлари эса дам оладиган бўлдилар.

Мазкур қарор “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва иш вақтидан оқилона фойдаланиш мақсадида” қабул қилингани айтилмоқда.

31 август куни Рамазон ҳайити нишонланиши тахмин қилинмоқда, бироқ ҳали ҳайитнинг аниқ санаси эълон қилинганича йўқ. Хабардор манбалар қайдича, Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 30 август куни нишонланиши ҳам мумкин.

1 сентябр куни эса Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланади ва бу куни ҳам ўзбекистонликлар ҳар йилгидек дам олади. Шу тариқа келаси ҳафта ўзбекистонликлар қаторасига тўрт кун дам олишлари мумкин.