Ўзбекистон - Тожикистон футбол жамоалари беллашади

Ўзбекистон терма жамоаси.


2 сетябр куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да Турсунзода шаҳрида футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси тожикистонлик футболчилар билан майдонга тушади.

Ушбу беллашув футбол бўйича 2014 йил Жаҳон чемпионатининг учинчи давра саралаш ўйинлари доирасида ўтказилмоқда.

Халқаро футбол федерацияси – ФИФА Сурияни 2014 йил Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидан четлатгач, ўзбек футболчилари тожиклар билан ўйнайдиган бўлди.

Тожикистон Давлат телеканаллари ўйинни жонли эфирга узатмаслигини маълум қилди. Тожик матбуотига кўра, бунинг сабабини изоҳламаган телеканал раҳбарлари ўйинни ёзиб олиб, кейинчалик намойиш қилишга ваъда беришган.

Футбол бўйича 2014 йил Жаҳон чемпионатининг учинчи давра саралаш ўйинларида ўзбек футболчилари Тожикистондан ташқари Япония ва Шимолий Корея терма жамоалари билан беллашади.

Жорий йилнинг 2 сентябрдан 2012 йилнинг 29 февралига қадар давом этадиган беллашувлар натижасида иккита энг сара жамоа кейинги босқичга чиқади.

Ўзбекистон футболчилари 6 сентябр 2-турда Ўзбекистон-Япония; 11 октябр 3-турда Шимолий Корея-Ўзбекистон; 11 ноябр 4-турда Ўзбекистон-Шимолий Корея; 15 ноябр 5-турда Ўзбекистон-Тожикистон; 29 феврал 6-турда Япония-Ўзбекистон ўйинлари ўтказади.