Тошкентда Беҳзодга ҳайкал қўйилди

Тошкентдаги рассомлик ва дизайн институти биноси олдида XV асрда Ҳирот ва Табризда яшаб ижод қилган рассом Камолиддин Беҳзод ҳайкали очилди.

Айни олийгоҳ ҳам бу рассом номини ташийди.

Камолиддин Беҳзод ҳайкалини ëш ҳайкалтарош Сокина Муҳаммаджонова яратди.

Озодлик билан суҳбатда ҳайкалтарош Сокина Муҳаммаджонова бу ҳайкал Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига совға эканини таъкидлади.

Ҳайкал очилишида Ўзбекистон маданият вазири Турсунали Қўзиев иштирок қилди.

Ўзбекистонда Беҳзод ўзбек рассоми сифатида кўрилади. Қатор манбаъларда, хусусан, википедияда Беҳзод форс рассоми сифатида тақдим қилинади. Эроннинг Табриз шаҳрида Беҳзодга ҳайкал қўйилган.

Камолиддин Беҳзод (1450-1535) Темурийлар ҳукмронлиги даврида Ҳиротда яшаган ва ўзбек шоири Навоий унга ҳомийлик қилган.

Кейинчалик Беҳзод Сафавийлар ҳукмдорлиги даврида Табризда яшаб ижод қилган.

Беҳзодга санъатшуносликда “Шарқ Рафаели” дея тасниф берилади.