Саудиялик расмий Ўзбекистон дин пешволари ишини олқишлади

Тошкентдаги Хасти Имом комплекси.

Тошкентда Ўзбекистон Мусулмонлар идоралари расмийлари ва Саудия Арабистонининг Ислом, вақф ва даъват масалалари бўйича вазири ўринбосари Абдулазиз Аммор ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита тарқатган пресс-релизда айтилишича, саудиялик меҳмонлар Ўзбекистонда дин ишлари бўйича вазият билан қизиққан.

Меҳмонларни қарши олган қўмита раҳбари Ортиқали Юсупов ва Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ўзбекистонликларнинг диний соҳада эришган ютуқларига фақат мустақиллик ҳамда ҳукуматнинг диний-миллий қадриятларга ажратган эътибори боис эришилганини қайд этгани айтилади Диний ишлар бўйича қўмита пресс-релизида.

Бунга мисол тариқасида Тошкентда қурилган Хасти Имом комплекси, Бухородаги Имом Бухорий, Зиёвуддин Нақшбандий зиёратгоҳлари тилга олинган.

Суадия расмийси доктор Абдулазиз Аммор эса бу ютуқларни ўзбекистонлик мусулмонлар учун яратилган шароит, дея олқишлаган.

Аммо, расмий хабарда дунёдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва қатор давлатлар ҳукуматларини йиллардан буён ташвишлантириб келаётган Ўзбекистондаги диний эътиқодга қўйилган қонуний чекловлар ва диндорларга нисбатан репрессия масалалари тилга олингани ҳақида ҳеч бир хабар йўқ.