Каримов Зардорийга таъзия изҳор қилди

Покистондаги тошқиндан миллионлаб одам талафот кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Покистон Ислом Республикасининг Синд минтақасида юз берган сув тошқинлари оқибатида кўплаб одам нобуд бўлгани ва катта талофатлар кўрилгани муносабати билан Покистон Президенти Осиф Али Зардорийга ҳамдардлик мактуби йўллади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига асосланиб Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Каримов Покистон раҳбарига таъзия изҳор қилиб, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик туйғуларини етказишни сўраган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Покистон алоқалари ривожланиб бормоқда.

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний жорий йил март ойи охирида Ўзбекистонга икки кунлик сафар қилди.

Ташриф чоғида Ғилоний билан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев икки давлат ўртасида транспорт соҳаси ва юклар транзитини осонлаштириш, шунингдек, ветеринария соҳаларида ҳамкорликка оид шартнома ва ўзаро англашинув меморандуми имзоланди.