Пойгачилар Лондондан Тошкентга мотоциклда етиб келди

3 сентябр куни Лондондан йўлга чиққан мотоцикл пойгачилари 22 сентябр куни Тошкентга етиб келди.

Олти нафар пойгачи 19 кун давомида Европа Иттифоқи мамлакатлари, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Туркманистон ҳудудидан ўтувчи ўн минг километрдан ортиқ масофани мотоциклда босиб ўтди.

“Олти нафар пойгачимиз, улар орасида бир қиз ҳам бор, улар 19 кун давомида 15 давлат ҳудудидан ўтиб кеча Тошкентга етиб келишди”, - деди Лондон-Тбилиси-Тошкент пойгаси ташкилотчиларидан бири Падди Клануилиям.

Мотоциклчиларнинг аксари бой ишбилармонлар. Улар орасида британ аслзодалари ҳам бор.

Йўлда имкон бор жойларда улар меҳмонхоналарда тунадилар, имкон йўқ жойларда эса чодир тикиб, гулҳан ёқиб тунни ўтказдилар.

Бундан аввал Яқин Шарқ ва Кавказ минтақаларига сафар қилган мотоциклчилар бу гал Тошкентни танладилар.

Тошкентга Лондондан мотоциклда етиб келган пойгачилар 2010 йилда Лондондан Тбилиси орқали Баҳраинга, 2009 йилда эса Остонага боришган эди.