Ўзбекистон ЮНИСЕФни пахта теримини кузатишга таклиф қилди

Тошкент расмийлари ЮНИСЕФ вакилларига Ўзбекистонда болалар пахта теримига жалб этилаётгани ҳақидаги иддаоларини текшириш юзасидан кузатув ўтказиш имкониятини яратиб беришни таклиф қилди.

Ҳукуматдаги манбага таяниб, Регнум ахборот агентлигининг билдиришича, ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Жан Мишел Далмот билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида бўлган учрашувда бу ҳақда маълум қилинган.

2008 йилда Ўзбекистон парламенти Халқаро меҳнат ташкилотининг муҳим ҳужжатларидан бири ҳисобланган “Ишга қабул қилиш учун минимал ёш” тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган.

Ўзбекистон қонунчилигида 16 ёшга тўлган фуқароларни ишга олишга рухсат берилган.

Бироқ қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётганликда айблаб келмоқда.

18 сентябр куни жаҳоннинг 60 дан ортиқ етакчи кийим-кечак ширкати, жумладан, Burberry ва Levi ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишини билдирди.

Болалар меҳнати эвазига терилгани аниқ бўлган пахтани сотиб олмасликка сўз берган таниқли ширкатлар орасидадир Швециянинг машҳур H&M кийим-кечак ширкати, Adidas ва Puma каби спорт кийимлари компаниялари ҳам бор.

Ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганлар орасида Wall-Mart, Marks&Spencer, Gap, TESCO, Gymbory каби ширкатлар ҳам бор.

Ўзбек расмийлари дала ишларида болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилиб келади.