Норвегияда ўзбекистонлик устидан тергов якунланди

Алишер Абдуллаев - Давид Якобсен.


Норвегия полицияси тошкентлик собиқ милиционер Алишер Абдуллаев ва унинг икки шеригига нисбатан терроризм билан боғлиқ айбловни расман эълон қилди.

Айблов хулосасига кўра, улар Шимолий денгиздаги бир нечта нефт платформаларини портлатиш ва Данияда Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв этган карикатурачини ўлдиришга тил бириктирганликда айбланмоқда.

Алишер Абдуллаев Норвегияда 2002 йилда қочқинлик мақоми олгач ўз исмини Давид Якобсен деб ўзгартирган.

У ўтган йил июл ойида курд ва уйғур йигити билан бирга Ал-Қоида террор тармоғига алоқадорликда гумонланиб, Норвегия полицияси тарафидан ҳибсга олинган эди.

Якобсен-Абдуллаевнинг шерикларидан бири – 39 ёшли шинжонлик уйғур Микаэль Довуд ҳам, БМТ қочқинлар комиссарлиги Қозоғистон бўлими орқали Норвегиядан бошпана олган.

Гумонланувчиларнинг учинчиси – 37 ёшли ироқлик курд Шаван Садек Самд Буяк, Германияда ҳибсга олинган ва Норвегияга экстрадиция қилинган.

Норвегия Адлия вазири Кнут Сторбергет мазкур “радикал мусулмонлар гуруҳи” бир йилдан ортиқ вақт давомида махфий полиция назорати остида бўлганини билдириб, Норвегияда бошпана топган яна бир нечта ўзбекистонлик ва ироқликнинг Ал-Қоида гуруҳига алоқадорлигига оид далиллар борлигини билдирган.

У 2009 йилнинг ноябр ойидан Норвегия хавфсизлик хизмати (PST) информатори бўлиб ўз шериклари ҳатти-ҳаракатлари ҳақида хабар бериб келгани ва шу сабабли унга енгил жазо берилишига ишонишини билдириб келмоқда.

Бу воқеага маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Норвегиянинг 11 сентябри” деб ном берилган.

Якобсен-Абдуллаев ва унинг икки шериги устидан маҳкама жараёни 31 октябрдан бошланиши айтилаяпти.

Учала айбланувчи ҳам ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилаяпти.