Италиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга қизиқмоқда

Ўтган йили Италия билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 151,9 миллион АҚШ долларини, жорий йилнинг январ-август ойларида эса 153,9 миллион долларини ташқил қилди.

Бу ҳақда Тошкентда 7 октябр куни ўтказилган Италия-Ўзбекистон ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг 5-йиғинида маълум қилинди.

Тадбирда иштирок этган Италия Иқтисодий тараққиëт вазири ўринбосари Катиа Полидорига кўра, “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамай Ўзбекистон бозоридаги мавжуд барқарорлик италиялик ишбилармонларнинг ушбу мамлакат билан ҳамкорликка қизиқишини кучайтирмоқда”.

Тадбирда айтилишича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик машинасозлик, энергетика, нефт-газ каби соҳаларда ривожланиб бормоқда.

ЎзА маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Италия билан ҳамкорликда тузилган 32 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Келгусида Италия компанияларини Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб қилиш, хусусан, “Навоий” эркин инндустриал-иқтисодий зонасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.