Россияда уч ўзбек футбол фанатини ўлдирганликда гумонланмоқда

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик уч мардикор "Зенит" футбол клуби фанати Роман Ловчиков ўлимида гумонланиб ҳибсга олинди.

Санкт-Петербург Тергов Бошқармаси маълумотига кўра, 18 октябр куни кечаси соат 10 ларда Ўзбекистон фуқаролари бўлган 41 ёшли Икром Розиқов, унинг укаси 33 ёшли Низом Розиқов ва 32 ёшли Маъмур Қудратовлар билан маҳаллий тўрт фуқаро ўртасида жанжал келиб чиқади.

Жанжал пайти Икром Розиқов маҳаллий йигитлардан бирини метал қувур билан урган.

"Зенит" футбол клуби фанати 22 ёшли Роман Ловчиков экани айтилаётган бу йигит кейинчалик олган жароҳати натижасида оламдан ўтган. Маҳаллий фуқаролардан яна бири жароҳатланиб шифохонага етказилган.

Тўрт маҳаллий йигит ва уч ўзбек ўртасидаги ушбу муштлашув пайти ўзбеклар жароҳат олганми ёки йўқ, бу ҳақда Санкт-Петербург Тергов Бошқармаси сайтида бирор маълумот берилмаган.

Айни пайтда ушбу жанжал футбол билан боғлиқ бўлмагани балки ўзаро маиший муаммолар натижасида келиб чиққани айтилмоқда.