Ўзбекистонда соғлом авлод шакллантириш режаси тасдиқланди

Ўзбекистон ҳукумати соғломлаштирмоқчи бўлаëтган ўзбек болалари.(Алексей Протченков сурати)

Республика ҳукумати болалар тарбиясини мукаммаллаштириш¸ соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар режасини қабул қилди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ¸ мазкур режа олти асосий йўналишда амалга оширилади. Улар орасида “болалар фаровонлигини таъминлаш юзасидан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш¸ ўсиб келаëтган авлод манфаатлари ҳимояси йўлида қилинаëтган ишларни кенг ëритиш; оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишни кучайтириш¸ соғлом ҳаëт тарзини шакллантириш; болалар маорифи¸ тарбияси ва ривожланиши сифатини ошириш” каби йўналишлар бор.

Айтилишича¸ Ўзбекистон ҳукумати ушбу режа асосида 2012-2013 йилларда аëлларни махсус поливитаминлар билан таъминлашга 24 миллиард сўм¸ болаларни юқумли касалликларга қарши 100 фоиз эмлашга эса 14¸1 миллиард сўм ажратади.

Шунингдек¸ 260 мингдан ошиқ болани соғломлаштириш лагерларига юбориш¸ 1000 нафар онани боласи билан санаторийда даволаш учун яна давлат ғазнасидан 60 миллиард сўм ажратилади.

2011-2013 йилларда Ўзбекистон ҳукумати болалар мусиқа ва санъат мактаблари моддий-техникавий базасини кучайтириш мақсадида 330 миллиард сўм¸ мактаб¸ лицей ва коллежлар қуриш¸ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 143¸4 миллиард сўм сарфлашни мўлжаллаган.

Ҳукумат режасига кўра¸ 1-синф ўқувчиларини ўқув материаллари комплекти билан таъминлаш ва кам таъминланган оилалар болаларига қишки кийим-бош бериш учун 35,9 миллиард сўм ажратиш¸ ҳомиладорлик¸ туғиш ва бола парвариши билан боғлиқ нафақаларни тўлаш учун давлат бюджетидан 1¸5 триллион сўм сарфланиши кўзда тутилган.