Ўзбекистонда пенсия таъминотига ўзгартириш киритилади

Ўзбек пенсионерлари нафақа пулларининг ўз вақтида берилмаслигидан шикоят қилиб келадилар.


Ўзбекистонда пенсия таъминоти тизимига яна ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда ўзбек депутатлари “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш устида бош қотирмоқдалар.

Uzreport.com сайти маълумотига кўра, янги қонун лойиҳасида меҳнат стажини ҳисобга олиш, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини бериш, пенсияларнинг тайинланиши, қайта ҳисоблаш ҳамда тўланиши шартлари ва тартибига ўзгартиришлар киритилади.

Айни пайтда бу ўзгартиришлар қай тартибда бўлиши эълон қилинмаяпти.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги бир қанча фракциялар мазкур қонун лойиҳасини тасдиқладилар.

Ўзбекистонлик пенсионерлар нафақа пулларининг тайинланиши ва тўланишида кўплаб муаммоларга дуч келаётгани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Кузатувчилар имтиёзли пенсия олиш тизимига коррупция аралашишини иддао қилиб келадилар.