Ўзбекистон давлат санъат музейида яҳудий рассомлар кўргазмаси очилди

“Ўзбекистон бизнинг уйимиз” деб номланган кўргазмада Ўзбекистонда яшаб ижод қилган яҳудий рассомлари яратган асарлар тақдим қилинди.

1974 йилда Тошкентда оламдан ўтган Юсуф Елизаров асарлари кўргазма марказидан ўрин олди.

Ўзбекистонда яшаб ижод қилган Айзик Гольдрей, Маркел ва Эммануил Калонтаровлар, Израил Лизак, Григорий Зильберман, Александр Винер, Илья Рубин ва Лев Резников каби рассомларнинг рангтасвир асарлари музей фондидан олиб чиқилиб кўргазмага қўйилди.

Кўргазма очилишида иштирок этган Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Хилель Ньюманга кўра бу рассомларнинг асарлари икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг эзгу замини бўла олади.

Кўргазма Тошкентда ўтаëтган маданият ҳафтаси доирасида ташкил қилинган.

Ташкилотчилар орасида Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкентдаги Исроил маданият маркази ҳам бор.