Россия Яманда ўғирланган ўзбекни қутқармоқчи

Россиянинг Яман пойтахти Санадаги дипломатик ваколатхонаси Яман ҳукуматидан ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик врач ва унинг турмуш ўртоғини озод қилишга ёрдам кўрсатишини сўради.

Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси тарқатган маълумотномага таяниб CA-NEWS агентлиги хабар қилди.
Яманнинг Мариб вилоятида Ўзбекистон фуқароси, шифокор Воҳидов 24 октябр куни ўғирлаб кетилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Мариб вилоятида яшайдиган қабила вакиллари қамоқхонада бўлган ўз қабиладошларини озод қилиш мақсадида Воҳидов ва унинг турмуш ўртоғини гаров сифатида ўғирлагани айтилган эди.

Жорий йил мартида ҳам Тожикистон фуқароси бўлган ўзбек шифокори 60 ёшли Ҳамиджон Олчибоев Яманнинг Шабва вилоятида маҳаллий қабила вакиллари томонидан ўғирлаб кетилиб, кейинчалик қўйиб юборилган эди.