Ёш ўзбек футболчилари Покистон термасини мағлуб қилди

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари Мексикада ўтказилган жаҳон чемпионатининг чорак финалигача чиқишга муваффақ бўлдилар.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоси 2012 йилги Осиё чемпионати учун Эронда ўтказилаётган саралаш мусобақасининг “С” гуруҳи баҳсида Покистон жамоаси устида 3:0 ҳисобида ғалаба қилди.

Ўзбекистон термасининг ярим ҳимоячиси Аббосбек Максталиев ўйиннинг биринчи ярмида рақиб дарвозасини 3 маротаба ишғол қилиб, “хет-трик”ка эришди.

19 ёшгача бўлганлар ўртасида Осиё чемпионатининг саралаш мусобақаларида 36 терма жамоа 7 гуруҳда куч синашмоқда.

Ўз гуруҳида юқоридаги икки поғонани эгаллаган жамоалар қитъа чемпионатига йўлланма оладилар.

Ўзбек футболчилари “С” гуруҳида Покистондан ташқари Эрон, Ҳиндистон ва Туркманистон терма жамоалари билан беллашади.

Ўзбек футболчилари 4 ноябр куни Ҳиндистон жамоаси билан куч синашади.

Жорий йилнинг 18 июн-10 июл кунлари Мексикада ўтказилган 17 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси чорак финалгача борган эди.