Shov-shuv.uz ҳакерлар ҳужумига учради

Shov-shuv.uz сайтига ҳужум қилганини иддао қилаётган ҳакерлар вакилининг Озодликка айтишича, улар бир неча соат давомида Ўзбекистон шоу-бизнеси ҳаётини ёритадиган сайтни ишдан чиқаришга муваффақ бўлган.

Ўзини Кеш Андерсон деб таништирган ҳакерга кўра, улар Shov-shuv.uz сайти маълумотлар базасига ҳужум қилишган.

Ҳужум натижасида сайтнинг асосан архив маълумотларига жиддий талафот етказилган.

- Биз сайт архивидан тахминан 500 та маълумотни йўқ қилишга муваффақ бўлдик. Бу сайтда кераксиз ва одамлар фикрини чалғитадиган, енгил-елпи маълумотлар кўп. Биз ҳужумдан аввал сайт маъмуриятини огоҳлантирдик. Бироқ улар сайт мазмунини ўзгартиришни рад қилишди. Шундан сўнг биз сайтга ҳужум қилдик,- деди Кеш Андерсон.

Ҳужум борасида сайт маъмуриятидан бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Айни пайтда Shov-shuv.uz сайти нормал ҳолатда ишлаяпти.

Ҳакерлар гуруҳи агар Shov-shuv.uz сайти яна эскича мазмундаги мақолаларни чоп этишда давом этса, ҳужумни такрорлаш билан таҳдид қилмоқда.