Афғонистоннинг илк темир йўли ишга тушиш арафасида

Хайратон шаҳар ҳокими Хожи Нажиб Хайратон-Мозори Шариф шаҳарлари ўртасида ўзбекистонлик мутахассислар бир йилдан кам вақтда қурган темир йўл ишга туширишга тайёр эканини маълум қилди.

Ҳоким айтганига асосланиб 12.уз ахборот порталининг хабар қилишича, мазкур темир йўл расман очилганидан кейин ўзбекистонлик мутахассислар афғонистонлик ҳамкасбларига темир йўлдан фойдаланишни ўргатадилар.

Уч йилдан сўнг магистрал йўл назорати афғонистонлик мутахассислар зиммасига ўтади.

Жорий йил 4 август куни Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида эришилган келишувга мувофиқ ўзбекистонлик темир йўлчилар 75 километрлик Хайратон-Мозори Шариф темир йўлидан уч йил давомида тижорат мақсадларида фойдаланади.

Мазкур темир йўл жорий йил февралида қуриб битказилган. Ўзбекистонлик мутахассислар ушбу темир йўл қурилишини Хирот шаҳригача етказишни режалаган.

165 миллион долларлик мазкур лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг гранти ҳамда Афғонистон ҳукумати маблағи (15 миллион доллар) ҳисобига амалга оширилмоқда.