Прокурор вазифасини бажараётган Р.Муҳиддинов ишдан олинди

Тошкент вилояти прокурори вазифасини бажараётган Равшан Муҳиддинов лавозимидан бўшатилди ва мустақил нашрлар хабарига кўра, айни кезда у ҳибсга ҳам олинган.

Муқаддам Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Муҳиддинов шу йилнинг сентябрида бу лавозимга тайинланган эди.

Унинг ишдан олинганини тасдиқлаган Тошкент вилояти прокуратураси бунинг сабабларига ойдинлик киритмади. Муҳиддиновнинг ҳибсга олинганига оид маълумотларга эса муносабат билдирмади.

Uzmetronom.com сайти берган хабарга кўра, президентнинг яна бир собиқ маслаҳатчиси, айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Турсинхон Худойбергенов ҳам ҳибсга олинган.

Аммо, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу хабарни қатъиян инкор қилмоқда.