Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда

2011 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистон-Россия ўртасидаги савдо айланмаси 5,64 фоизга кўпайиб, 4 миллиард 591 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Статистика қўмитаси маълумотига кўра, ҳозир Ўзбекистон савдо айланмасидаги Россиянинг ҳиссаси 24,3 фоизни ташкил этмоқда.

2011 йил январ-сентябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 18 миллиард 874 миллион долларни ташкил қилди. Бунинг 7 миллиард 757 миллион доллари МДҲ ва 11 миллиард 117 миллион доллари бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонга бир миллиард доллардан кўпроқ пул жўнатган.