Каримов соғлиқни сақлашга $1,5 миллиард ажратади

Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи учун 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратадиган бўлди.

Президент Ислом Каримов 25-26 ноябр кунлари Тошкентда ўтган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуидаги симпозиумда шу ҳақда сўзлади.

Президент ўз нутқида бу борада жуда салмоқли ютуқлар борлигини қайд этди ва айрим ютуқларни бирма-бир санаб ўтди.

Айни симпозиумда қатнашиш учун Тошкентга борган Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чен эса биринчи "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди.

Маргарет Чен ҳам мукофот билан тақдирланиш маросимидан сўнг Ўзбекистон айни соҳада кейинги йилларда катта ютуқларни қўлга киритиб келаётганини таъкидлади.

ЖССТ мулозимига кўра, бу ютуқлар рақамларда акс этмоқда.

Аммо бу рақамлар Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида турли хасталиклар, жумладан, ОИТВ тарқаётганини қайд этаётган халқаро ташкилотлар томонидан йиллардан буён танқид қилиб келинади.