АҚШ генерали Тошкентда сўзлашувлар ўтказди

АҚШ Қуруқлик қўшинлари Бош қўмондонлиги қўмондони, генерал-лейтенант Винсент Брукс Ўзбекистонга борди.

АҚШ ҳарбийсининг ўтган ҳафтада амалга оширган сафари ҳақида бугун берилаётган хабарларга кўра, у Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашган.

Dvidshub.net нашри хабарига кўра, учрашувда Афғонистондан АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқилиши жараёнида ҳарбий техникани қайта тақсимлаш, техникавий база ва ҳарбийларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилган.

Ўзаро музокаралардан сўнг ўзбек расмийлари ва АҚШ элчиси билан учрашган генерал-лейтенант Винсент Брукс бу давлатнинг АҚШ учун ўта муҳим ҳамкор эканини алоҳида урғулагани айтилмоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазири эса Афғонистонда йиғилиб қолган ортиқча ҳарбий техниканинг қўшни давлатларга тақсимланиши бобида сўзлай туриб, Ўзбекистоннинг ҳарбий техникага эҳтиёжи борлигини қўшимча қилиб ўтган.

АҚШ мулозими эса бунга жавобан, ортиқча техникани ҳам Афғонистон, ҳам Ўзбекистон учун фойдали бўладиган йўл билан тақсимлаш имконлари борилигини эътибордан соқит қилмаган.

АҚШ қўшинлари хавфсизлиги борасида сўзлаган вазир Қобул Бердиев эса бунинг учун ҳар икки давлат жиддий чоралар кўриши зарурлигини урғулаган.