Ташшаҳартрансхизмат сўнгги 5 йилда хориждан 440 та транспорт олди

Одатда Тошкент шаҳрига янги автобуслар олинган тақдирда эскилари қишлоқларга жўнатилади.

Ташшаҳартрансхизмат ташкилоти сўнгги беш йил давомида Германия, Жанубий Корея, Чехия ва Россиядан жами 440 та автобус ва трамвай сотиб олди.

12.uz сайти маълумотига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳри ва шаҳар атрофида 135 та автобус йўналиши, 34 та трамвай ва такси йўналишлари ташкил қилинган.

Кейинги кунларда Тошкент шаҳрида бу йўналишлардаги жамоат транспортида узилишлар кузатилмоқда.

Ташшаҳартрансхизмат ташкилоти ходими бу узилишларни тасдиқлай туриб, транспортлар етарли экани, бироқ бензин тақчиллиги муаммоларга сабаб бўлаётганини билдирди.