Ўзбекистон яна энг порахўр давлатлар ичида

Transparency International халқаро ташкилоти Ўзбекистонда ўтган йил давомида коррупция даражаси янада ошганини айтмоқда. Жаҳон бўйлаб коррупция муаммосини ўрганадиган ташкилот 2011 йилги Коррупция даражасига оид ҳисоботига илова қилинган рўйхатда Ўзбекистон 182 давлат ичида 178 ўринга қўйилган.

Коррупция муаммоси Афғонистон, Мянмар, Шимолий Корея ва Сомалидагина Ўзбекистондан ёмонроқ деган хулосага келди ҳисобот муаллифлари.

Transparency International ташкилоти директор ўринсбоари Миклош Маршалл Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон энг коррупциялашган давлатлар рўйхатидан жой олганини бундай изоҳлади.

- Ўзбекистон ва Туркманистон каби мамлакатларда, ҳақиқатан, вазиятни ўта қоронғу деб тасвирлаш мумкин. Бу мамалкатларда ҳеч қанадй жавобгарлик йўқ, ҳукумат элитаси ўзини ҳеч ким олдида умуман жавобгар деб ҳис этмайди. Сиёсий мухолифат йўқ, фуқаролик жамияти йўқ, эркин матбуот йўқ, шунинг учун бу мамлакатларда жамият деярли тўла ёпиқ ҳисобланади ва оқибатда яхши томонга ўзгариш ҳам йўқ, дейди Transparency International ҳисоботи муаллифларидан бири.

Маршалл чуқур илдиз отган коррупция давлатларни охир-оқибат ҳалокатли оқибатларга етаклашига мисол ўлароқ, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада жамоатчилик норзилиги Араб Баҳори ҳодисаларида ўз ифодасини топганини қўшимча қилди.

Коррупция муаммосидан ҳоли давлатлар сифатида одатдагидек Скандинавия давлатлари келтирилади ҳисоботда. Рейтингдаги биринчи ўринни эса Янги Зеландия эгаллади.