Ўзбекистон ҳаво йўллари Airbusдан ўнинчи А320 самолётини қабул қилиб олди

Airbus консорциуми Ўзбекистон ҳаво йўллари авиаширкатига А320 русумидаги ўнинчи йўловчи самолётни етказиб берди.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг Интернет сайтида эълон қилинган хабарга кўра, бу билан Airbus ўрта олисликка учадиган А320 русумидаги 10 та самолёт етказиб бериш ҳақидаги шартномани тўлиқ бажарган.

Мазкур самолётлар 2010 йил июл ойидан бери Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг халқаро рейсларида уча бошлаган.

Ҳозирда янги самолётлар Бишкек, Деҳли, Лаҳор, Краснодар, Москва, Олмаота, Тел-Авив, Тюмен каби шаҳарларга парвоз қилмоқда.

Ўзбекистон ҳаво йўллари кўп йиллардан бери эски самолётларни янгиларига алмаштириб келаяпти.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳаво йўллари Американинг Боинг ширкатига иккита “Боинг-787 Dreamliner” ва тўртта “Боинг-767” русумидаги замонавий ва тежамкор самолётлар етказиб беришга буюртма берган.