Президент Каримов Бош вазирга янги муовин тайинлади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасининг коммунал хизмат, транспорт, капитал қурилиш ва саноат қурилиш масалалари бўйича комплекси раҳбари этиб Ботир Зокировни тайинлади.

Ботир Зокиров шу билан бирга Архитектура ва Қурилиш Давлат қўмитасига ҳам раҳбарлик қилади.

12.uz нашрининг хабарига кўра, Ботир Зокиров шу вақтга қадар "Трест-12" қурилиш компаниясининг бошқарув кенгаши раиси бўлган.

У Бош вазирнинг эндиликда собиқ ўринбосари Ботир Хўжаев ўрнига тайинланди.

Ботир Хўжаев эса шу йилнинг 1 ноябридан Бош вазирнинг иқтисод, макроиқтисод ва молия масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилган эди.