“Ўзтрансгаз” ҳисобот берди

“Ўзтрансгаз” айтаётган газ ҳамма жойга етиб бораётгани йўқ.

Олий мажлис қуйи палатасининг саноат, қурилиш ва савдо масалалари бўйича қўмитаси “Ўзтрансгаз” давлат ширкати директори Тўлаган Жўравенинг мазкур соҳа мижозлари ҳуқуқларини кафолатлашга оид ҳисоботини тинглади.

Регнум агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон парламентида бўлиб ўтган мажлисда “Ўзтрансгаз” бошлиғи йил бошидан бери республика бўйлаб 14,64 миллиард куб метр газ етказиб берилгани таъкидлаган. Шундан 10,5 миллиард куб метри аҳолига берилган.

“Ўзтрансгаз” директори сўзларига кўра, газ тақсимлаш тизимининг қўшни Қозоғистон ҳудудидан ўтадиган 73-74 километрлик қисми Ўзбекистонга ўтказилгани ва бу билан аҳолига газни барқарор равишда етказиб бериш таъминланган.

Бироқ, Ўзбекистонда кузнинг иккинчи ярмидан бери аҳолига бериладиган газ миқдори кескин пасайган. Ҳатто расмийлар республика вилоятлари аҳолиларини қиш мавсумида газ тақчиллиги кутилаётганидан огоҳлантириб, кўмир, ўтин ва ёқилғининг бошқа турларини ғамлаб қўйишни маслаҳат қилган эди.

Ҳозир Ўзбекистоннинг баъзи минтақаларида ҳаво ҳарорати кундузи – 10гача, кечаси эса – 20гача тушаётгани хабар қилинмоқда. Кўпчилик ўзбекистонликлар табиий газ йўқлиги боис, уйларини истишда қийинчиликларга дуч келаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Расмий маълумотларга кўра, 2011 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон қарийб 47,3 миллиард куб метр газ қазиб олган.