Парламент мустақил матбуот ривожидан мамнун

"Менинг Оламим" веб сайти ҳам Ўзбекистондаги мустақил сайтлардан бири.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда нодавлат оммавий ахборот воситалари сони икки баробарга ошган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитасининг сўнгги йиғилишида маълум қилинди.

Бугунги кунда мамлакатда 1243 та нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 160 дан зиёди мустақил веб-сайтлар, 43 фоизи босма нашр, 53 фоизи телеканал ва 85 фоизи радиоканаллардир.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ўта ночор аҳволда эканини таъкидлаб келадилар.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Ҳюман Райтс Уотч каби ташкилотлар Ўзбекистонни матбуот эркинлигини жиддий топтаëтган давлатлар сифатида танқид қилиб келмоқдалар.

АҚШдаги нуфузли Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ҳам йиллардан бери Ўзбекистонни матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшди.

Расмий Тошкент эса бу каби танқидларни деярли эътиборсиз қолдириб келмоқда.