Ўзбекистон Тожикистонга газ узатишни бутунлай тўхтатди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Дaвлат Назриевнинг билдиришича¸ Ўзбекистон олдиндан огоҳлантирмай туриб Тожикистонга табиий газ узатишни бутунлай тўхтатган.

-“Тожиктрансгаз” ширкати ўтган йил давомида бир неча бор “Ўзтрансгаз” га расмий мурожаат қилди ва жорий йилга мўлжаллаган газ таъминотига оид ўзаро келишувни имзолашни таклиф қилди. Аммо ўзбек ширкати ҳар гал тожикистонлик ҳамкасблари сўровини қондиришни пайсалга солди¸ деди 4 январ куни Душанбеда ўтказилган матбуот брифингида Назриев.

Матбуот котибига кўра¸ 22 декабр куни Тожикистон Бош вазири ўринбосари Муродали Алимардон Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимовга расмий мактуб йўллаб¸ мазкур муаммо ечимини сўраган.

Айтилишича¸ Душанбега йўллаган жавоб хатида Азимов ўзбек газининг асосий истеъмолчилари бўлган Россия ва Хитой билан газ савдосига оид масалалар ҳал қилинмай қолаëтгани боис¸ Тожикистон билан газ келишуви имзолашнинг имкони йўқлигини билдирган.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра¸ 4 январ куни Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломовга президент Имомали Раҳмоннинг ўз ҳамкасби Ислом Каримовга ëзган мактуби топширилган.

2011 йил ноябри охирида “Ўзтрансгаз” давлат ширкати Тожикистонга сотилаëтган газ нархини оширган ва ҳар минг кубометр табиий газ учун нархни 311 АҚШ доллари қилиб белгилаган эди.

Айтилишича¸ Ўзбекистондан олинаëтган табиий газнинг асосий қисми Тожикистон Алюминий заводи фаолиятига сарфланиб келинган.