Тулада ўзбек муҳожирларини ўлдирганлар суд қилинди

Тула вилоят суди уч нафар Ўзбекистон фуқаросини ўлдирганликда айбланган икки нафар чеченистонликни узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этди.

Тула вилояти Тергов қўмитасидан олинган маълумотга кўра, жиноятнинг содир бўлишига 2010 йилнинг 29 апрелида Чехов шаҳрида ўзбек мардикорлари ва чеченистонликлар ўртасида чиққан муштлашув сабаб бўлган. Муштлашув оқибатида ўзбекистонликлар маҳаллий полиция томонидан хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Ёшлари 25-40 ўртасида бўлган бу ўзбеклар изоляторда май ойи бошларигача ушлаб турилган.

Полициячилар Ўзбекистон фуқаролари Чехов шаҳар изоляторидан озод бўлган куниёқ ўлдирилганини аниқлаган. Терговчиларга кўра, изолятордан озодликка чиққан Ўзбекистон фуқаролари чеченистонлик Магомадов, Медиев ва ҳозирча қўлга олинмаган яна бир чечен йигити томонидан машинада Заокск туманидаги ўрмон массивига мажбурлаб олиб чиқилган. Ўрмонда чеченлар мардикорларни тиз чўқтириб травматик пистолетлардан отиб ташлаган.

Чеченистонлик қотиллар Грозний полицияси ёрдамида қўлга олинган ва Тулага жўнатилган. Суд исми ошкор этилмаётган учта ўзбек мардикори ўлдирлишида айбдор деб топилган 33 ёшли Казбек Магомадовга 20 йил ва 31 ёшли Абдулкарим Медиевга 19 йил қаттиқ режимли қамоқ жазосини тайинлади.

Ўзбекистонликларни ўлдиришда гумонланаётган яна уч чеченистонлик халқаро қидирувга берилди. 30 декабр куни Тула вилоят суди чиқарган қарор 8 январ куни тўлиқ кучга кирди.