Ўзбекистонда йилига 3 минг тонна асал тайёрланмоқда

Тошкентда республика бўйича асалчиликни ривожлантиришга қаратилган давра столи бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистонда йилига 3 минг тонна асал ишлаб чиқарилаётгани айтилди.

Ушбу йиғилишда матбуотга берилган расмий маълумотларга кўра, ҳозир Тошкентда 225 та, Фарғона водийсида 2 ярим мингта, бошқа вилоятларда эса 400-500 атрофида асалчилик хўжаликлари қайд этилган.

Ўзбекистондан олинган норасмий маълумотларга кўра, ҳозирга келиб мамлакатда экин майдонлари, ўрмонзорлар, яйловлар қисқаргани, айрим ҳудудларда эса қуриб бораётгани боис асалчилик хўжаликлари ҳам қисқариб бормоқда.

Бундан ташқари, асалчилик хўжаликлари учун моддий-техник база, айниқса, янги технологиялар ҳамда кадрлар таъминотида ҳам катта муаммолар борлиги айтилади.

Марказий Осиё минтақасида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари боис Ўзбекистонда ҳам бозорга чиқарилаётган асал ва асал маҳсулотлари сифати тушиб бораётгани кузатилади.

Тошкентда ўтган давра суҳбатида бу муаммолар ҳам тилга олингани ва яқин келажакда бу соҳа ривожи учун қўшимча имкониятлар яратилиши ваъда қилингани хабар қилинмоқда.