Ўзбекистонда хусусий клиникалар фаолияти текширилмоқда

Ўзбекистонда хусусий тиббий клиникалар фаолиятида миқёсли қонунбузарликлар аниқланган.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ҳукумат назоратидаги матбуотида хабар қилинди.

“Тошкент оқшоми” рўзномасига кўра, 11 январ куни Тошкентдаги йигирмадан зиёд хусусий клиникада ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари текширув ўтказган.

Рейдлар давомида клиникаларда санитария қоидалари бузилгани, кўпроқ фойда кўриш йўлида сохта ташхислар қўйилгани, шифокорлар хизмат учун катта нархлар белгилагани ва бошқа нуқсонлар аниқланган. Фактлар бўйича жиноят иши очилган.

Бу ҳақда шанба куни Ўзбекистон телеканалининг "Ахборот" дастурида ҳам лавҳа берилган.

Хусусий клиникалардаги тиббий хизмат сифати ва шифокорларнинг малакасизлиги борасида шикоятлар бундай текширувни ўтказишга сабаб бўлгани айтилади.

Аввалроқ, Uznews.net мустақил нашри 11 январ куни Тошкентдаги камида бешта хусусий клиника солиқ инспекцияси, прокуратура ва бошқа текширув идораларининг кутилмаган текширувига дучор бўлгани ҳақда хабар қилганди.