ADB Устюртда газ-кимё мажмуаси қурилиши учун кредит ажратди

Осиё тараққиёт банки ADB директорлар кенгаши UzKorGasChemical ўзбек-корейс қўшма корхонасига Устюртда газ-кимё мажмуаси қуриш лойиҳасини амалга ошириши учун 400 миллион долларлик кредит ажратиш ҳақида қарор қабул қилди.

2008 йилнинг февралида “Ўзбекнефтегаз” ширкати Жанубий Кореянинг Kogas, Honam Petrochemical, LG International Corp., SK Gas ва STX Energy каби ширкатлари кирган консорциум билан Устюртдаги Сургил кони негизида газ-кимё мажмуаси қуриш учун UzKorGasChemical қўшма корхонасига асос солишган эди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ўтган йил имзоланган 4,1 миллиард долларлик шартноманинг бир қисми экани айтилмоқда.

Қурилиш ишлари шу йил бошланиб 2014 йилгача тугалланиши кутиляпти.

Устюртдаги газ ва кимё комлекси ишга тушган пайти у Сургил конидан йилига 3 миллиард кубометр табиий газ билан таъминланиши режалаштирилган.

Газ ва кимё заводига шунингдек Устюрт минтақасидаги бошқа газ конларидан 1,5 миллиард кубометр газ етказиб берилади.

Бундан беш йил муқаддам очилган Сургил конидаги газ заҳиралари 130 млрд кубометр экани тахмин қилинади.

Қўшма лойиҳаларни Кореянинг GS Engineering & Construction Corp., Samsung Engineering Co., Hyundai Engineering Co. каби ширкатлари ва "Узбекнефтегаз" Миллий Холдинг Компанияси амалга оширишади.

Ўзбекистон томонига кўра, Устюрт газ ва кимё заводини қуриб битказиш учун 2,6 миллиард долларлик сармоя керак бўлади