Каримов Вазирлар Маҳкамасига бир ойлик топшириқ берди

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев.


2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида қилган маърузаси давомида президент Ислом Каримов мамлакат ҳукуматига тўрт муҳим муаммо ечими устида ишлаш вазифасини юклади.

Биринчи топшириққа кўра¸ Манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, компания ва корхоналар иштирокида саноатда маҳсулот таннархини 10-15 фоизга пасайтириш юзасидан хар бир саноат корхонаси бўйича комплекс чора-тадбирларни кўзда тутадиган дастур ишлаб чиқилиши лозим.

"Иккинчидан¸ -деди президент Каримов¸- мамлакатимиз корхоналарида қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш даражасини танқидий таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш бўйича мавжуд ресурс ва имкониятларни аниқлаш ҳамда саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, бунинг учун қўшимча имтиёзларни кўзда тутадиган махсус қарор қабул қилиш керак".

Президентнинг ҳукуматга берган учинчи вазифасига кўра¸ ташқи бозорда харидорбоп, юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни рағбатлантиришни янада кучайтириш, уларга янги имтиёз ва преференциялар бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тайёрлаш лозим.

Ва ниҳоят Ўзбекистонда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари ва бошқа тармоқларнинг экспорт ярмаркалари ўтказишини кенгайтириш, шунингдек, маҳсулот сотишнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиш, асосий ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказиш ва янги экспорт шартномалари тузиши учун нуфузли халқаро ярмаркаларга жалб этиш бўйича алоҳида Ҳукумат қарорини қабул қилиш лозим¸ деди президент Каримов.