Минтақавий энерготизим тарқаш арафасида

“Российская газета”нинг хабар қилишича¸ Қозоғистон ҳукумати яқин кунларда Қирғизистон¸ Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетик тизимларини бирлаштирувчи умумий тармоқдан чиқишни режаламоқда.

Қозоғистон электр тармоқларини бошқарувчи KEGOC ширкати берган изоҳга кўра¸ Ўзбекистоннинг учала давлат электр тизимларини бирлаштирувчи тизимдан электр ўғирлашда давом этаëтгани остонадагиларни шунга мажбур қилган.

Куз-қиш мавсуми бошланганидан бери Ўзбекистон 215 миллион киловатт соат электр қувватини ноқонуний ўзлаштиргани оқибатида¸ қозоқ ширкатига кўра¸ умумий тизимда ниҳоятда оғир вазият юзага келган ва Қозоғистон истеъмолчилари барқарорлигини таъминлаш учун KEGOC алоҳида тизимга ўтиб ишлашни маъқул билмоқда.

Агар Қозоғистон бу тизимдан чиқса¸ Қирғизистон Энергетика ва саноат вазири Асқар Шодиевнинг айтишича¸ Қирғизистон шимолида 40 фоизга қадар элект тақчиллиги юзага келади. Агар Ўзбекистон ҳам бу тизимдан чиқса¸ бундай ҳолда Шодиевга кўра¸ Қирғизистон жануби – Боткен ва Ўш вилоятларида 85 фоизга қадар электр энергияси дефицити юзага келади.

KEGOC матбуот котиби Марат Муҳаммадсолиевнинг айтишича¸ Қирғизистон ҳукумати илтимосига кўра¸ Қозоғистон умумий электр тармоқлари тизимидан 20 январ куни чиқиш қарори ижросини кечиктирган.

Айни пайтда¸ умумий тармоқдан ноқонуний тарзда электр энергияси ўзлаштирганини тан олган Ўзбекистон томони март ойига қадар ўз қарзини тўлашга ваъда берган. Бу қарз эса¸ KEGOC расмийсига кўра¸ 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Қозоғистоннинг бирлашган элект экенргияси тизимидан чиқишига ҳозирлик сифатида айни кунларда Қирғизистонда электр қуввати истеъмолига чеклов жорий этилди¸ пойтахт Бишкекда ҳам марказий районлар электрсиз қолди.