2011 йилда божхоначилар пул ундириш режасини 100,5 % га бажарди

Ўтган йили Ўзбекистонда божхона тўловлари бўйича давлат бюджетига 2 триллион 555,9 миллиард сўм ундирилиб, кўзланган режа 100,5 фоизга адо этилди.

Бу ҳақда хабар қилган 12.uz сайти маълумотига кўра, 2011 йил давомида божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига оид 28 минг 532 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний олиб ўтилган 110 миллиард сўмдан зиёд қийматдаги товар мусодара қилинган.

Ушбу ҳолатлар бўйича 938 та жиноий иш қўзғатилган бўлиб, шундан 121 ҳолатда 185,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 29 ҳолатда 31 та ўқ-отар қурол, 14 ҳолатда 770 та эстремистик мазмундаги аудио-видео маҳсулотлар ушланган.

Шунингдек, чегарадан ноқонуний олиб ўтишга уриниш чоғида божхоначилар томонидан 227,8 минг литр ёнилғи-мойлаш материаллари, 526,1 тонна рангли ва қора металлар, 243,2 тонна гўшт маҳсулотлари, 1 миллион 195 минг қути тамаки маҳсулотлари, 40,1 минг литр ўсимлик ёғи, 296 бош уй ҳайвонлари ушлаб қолинган.