“Афросиёб” поезди ҳар куни қатнай бошлади

13 февралдан бошлаб “Афросиёб” тезюрар поезди Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналишида ҳар куни қатнай бошлади.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг хабарига кўра, тезюрар поезд ҳар куни Тошкентдан эрталабки соат 8:00да жўнайди. Самарқанддан эса кечки соат 5:00 да қайтади.

Ҳозирда “Афросиёб” поезди Тошкентдан Самарқандгача 2 соат 20 дақиқада етиб бормоқда.

Март ойи охиригача қатнов вақтини икки соатгача камайтириш режалаштирилган.

Ҳозирда “Афросиёб” поездининг чипталари оддий поездларникига қараганда қимматроқ – 40 мингдан 60 минг сўмгача.

“Афросиёб” поезди қатнови бошланганидан буён Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналишида 4000 дан зиёд йўловчи ташилган.

Тошкент-Самарқанд темир йўли узунлиги 344 километр бўлиб, “Афросиёб” поезди тезлигини соатига 250 км гача ошириши мумкин.

Испаниянинг “Patentes Talgo S.L.” ширкати ишлаб чиқарган биринчи «Афросиёб» тезюрар поезди 2011 йил 22 июл куни Ўзбекистонга олиб келинди ва 8 октябрдан бошлаб Тошкент ва Самарқанд ўртасида доимий қатнамоқда.

Иккинчи “Афросиёб” тезюрар поезди 9 декабр куни Тошкентга олиб келинди.