“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг самолёт парки янгиланмоқда

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш ва тараққиёт жамғармаси иккита “Boeing 767-300ER” русумидаги самолёт ва унга эҳтиёт қисмлар сотиб олиш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига 106,93 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.

Uzdaily.uz нашри хабарига кўра, Вазирлар маҳкамаси шу ой бошида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётларини янгилаш чора тадббирлари тўғрисида қарор қабул қилган.

Мазкур қарорга мувофиқ кредит Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият банки орқали берилади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” кўп йиллардан бери эски самолётларни янгиларига алмаштириб келаяпти.

Ширкат Американинг Боинг компаниясига иккита “Боинг-787 Dreamliner” русумидаги замонавий ва тежамкор самолётлар етказиб беришга ҳам буюртма берган.

Ҳозирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг янги самолётлари Ню Йорк, Лондон, Париж, Мадрид, Брюссел, Москва каби йирик шаҳарларга парвоз қилмоқда.