Тошкентда айрим хусусий клиникалар ёпилди

Тошкентдаги хусусий клиникаларда ўтказилган текширув натижасида бир қанча клиникалар ёпиб қўйилди.

11 январ куни бирданига шаҳардаги 25 та хусусий клиникада рейд ўтказилиб, уларнинг барчасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди.

Орадан бир ой ўтиб маълум бўлишича, ушбу клиникаларнинг айримлари ўз фаолиятини тўхтатган.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман солиқ инспекциясидан олинган маълумотга кўра, айрим клиникалар тегишли лицензияси бўлмаган ҳолда беморларни стационар ҳолатда даволаб келганлар.

"Тошкент оқшоми" газетаси ёйинлаган хабарга кўра, рейдлар натижасида мижозларга наркотик ва психотроп моддаларни тарқатишда қўпол хатоликларга йўл қўйилган, беморларни даволашда муддати ўтган дорилардан фойдаланилган.

"Ахборот" дастурида айтилишича, текширув ўтказилган муассасаларда 50 нафар шифокор меҳнат шартномасисиз ишлаётгани аниқланган.

Шунингдек, текширув пайти бу клиникаларда тиббий хизмат кўрсатишдан тушган тушум пулини инкассация қилинмаган ҳолатлари натижасида жами 1 миллиард 685 минг 890 сўм (тахминан 1 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги пул қайд қилинган.