Жамшид Мухторов гаров эвазига озод этилмайдиган бўлди

АҚШда терроризмни дастаклаганликда айбланаётган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов гаров пули эвазига озод этилмайди.

Денвер шаҳридаги маҳкама Мухторовнинг мамлакатдан қочиб кетиши ва бошқаларга хавф солиш эҳтимоли сабаб уни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

35 яшар Жамшид Мухторов 21 январ куни Туркияга кетаётган пайти Чикаго аэропортида ҳибсга олинган эди.

2007 йилда АҚШда бошпана топиб, Колорадо штатининг Аврора шаҳарчасида яшаб келган 35 яшар Мухторов АҚШ Давлат департаменти террорчи ташкилот деб тан олган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ёрдам кўрсатишга уринганликда айбланмоқда.

Жамшид Мухторовнинг ўзи бу айбловни рад этган. Айби исботлангани тақдирда Мухторов камида 15 йилга қамалиши мумкин.