Бугун Стокҳолмда Обид қори Назаров ҳимоясига пикет ўтказилади

Бугун Швеция пойтахти Стокҳолмда таниқли ўзбек имоми Обид қори Назаров ҳаётига қилинган суиқасдга норозилик билдириб пикет ўтказилади.

Тадбир эрталаб Стокҳолмнинг марказий майдони, Риксдаг - парламент биноси олдида бўлади.

Тадбирда Швецияда бошпана топган ўзбекистонлик мухожирлар, мухолифат фаоллари ва журналистлар қатнашиши кутилмоқда.

- Ушбу акциядан асосий мақсад, швед ва европалик сиёсатчилар эътиборини Обид қорига қилинган суиқасдга ва ўзбек қочқинларининг ҳимоясизлигига қаратишдир, - деб билдирди ўз исмини айтмаган Швециядаги ўзбек қочқинларидан бири.

22 феврал куни ўзбек имоми Назаров Швециянинг шимолий провинцияси саналган Стромшунд шаҳридаги уйи олдида отиб кетилган эди.

Назаровга қилинган суиқасд юзасидан, швед полицияси "қотилликка қасд қилиш" моддаси бўйича жиноий иш очган, Швеция ва халқаро даражада кенг миқёсда тергов олиб борилмоқда.