Полша Мудофаа вазири Ўзбекистонга келди

Полша Мудофаа вазири Томаш Семоняк бошчилигидаги делегация 16–17 март кунлари Ўзбекистонга сафар бошлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баённомасига кўра, Полша делегациясининг икки кунлик ишчи ташрифи чоғида Ўзбекистон-Полша алоқалари, шунингдек, томонларни қизиқтирган муаммолар муҳокама этилиши кутилмокда.

Полша Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Томаш Семоняк Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиев ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.

Бу ўтган йил июл ойи охирида Полша Мудофаа вазири лавозимини эгаллаган Томаш Семонякнинг Ўзбекистонга биринчи ташрифидир.

Сўнгги бир ой давомида Ўзбекистонга Латвия, Британия, Германия ва Полша Мудофаа вазирлари ташриф буюрди.

Ўзбекистон раҳбарлари билан мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик ва Афғонистондан ўз мамлакатлари қўшинларини Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон орқали олиб чиқиш билан боғлиқ масалаларини муҳокама қилдилар.