Вадим Абрамов вазифасидан озод этилмайди

Вадим Абрамов.

Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) Президенти Мираброр Усмонов Вадим Абрамовнинг Миллий терма жамоасининг бош мураббийи лавозимида қолишини маълум қилди.

Бу ҳақда ЎФФ расмий сайтида хабар қилинди.

Ўзбекистон Олимпия жамоасининг саралаш ўйинларини омадсиз якунлагани маҳаллий матбуотда кескин танқидга учраган ва Абрамовнинг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлган эди.

Вадим Абрамовнинг ўзи ҳам Олимпиада-2012 саралашида Ўзбекистон жамоасининг иштирокига бағишланган матбуот анжуманида гапириб, агар Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқадиган мураббий топилса, истеъфо беришга тайёрлигини билдирган эди.

Мираброр Усмонов матбуотда Абрамов шаънига билдирилаётган танқидларга қарамай, “Федерация Вадим Абрамовга ишонишини, унинг миллий терма жамоадаги фаолиятини давом эттиришини” таъкидлади.

Вадим Абрамов бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Олимпия жамоаси ва Ўзбекистон Миллий терма жамоаси мураббийидир.

Абрамовга кўра, Ўзбекистон Олимпия жамоаси режа бўйича 14 март куни Лондон йўлланмасини қўлга киритиши лозим эди.

Футболчиларнинг Ветнамдаги ўйинга руҳан тайёр бўлмагани мағлубиятга сабаб бўлганини таъкидлади мураббий.